Ўзбекистон U-22 терма жамоаси Непал терма жамоасига қарши ўйинда 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди ва “D” саралаш гуруҳи пешқадамларидан бирига айланди.
U-22 Осиё чемпионати “D” саралаш гуруҳида 3-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Куннинг биринчи учрашувида Иордания терма жамоаси бангладешликлар дарвозасига жавобсиз гол урди ва очколари сонини олтитага етказгани ҳолда гуруҳ пешқадамига айланиб олди. Куннинг иккинчи ўйини майдон эгалари Непал ҳамда Ўзбекистон терма жамоаси ўртасида бўлиб ўтди. Ўзбекистон терма жамоаси, агар ушбу учрашувда йирик ҳисобда ғалаба қозонадиган бўлса, тўплар нисбатига кўра “D” гуруҳи пешқадамига айланиши мумкин эди. Аммо, энг муҳими, биринчи ўйиндаги каби, асосий вазифа бажарилди – уч очко қўлга киритилди.
Непалга қарши баҳсда Ўзбекистон терма жамоаси таркиби биринчи ўйиндагига нисбатан маълум ўзгаришларга дуч келди. Темурхўжа Абдухолиқов Бангладешга қарши ўйинда майдонга тушиш имконини бермаган жароҳатидан тикланиб, Ўзбекистон терма жамоаси ҳужум чизиғини сезиларли даражада кучайтирган бўлса, айнан Бангладеш билан ўйинда микрожароҳат олган Алибобо Раҳматуллаев ўрнини эгаллаган Сардорбек Соибов эса ўзининг фаол ҳаракатлари билан ажралиб турди. Биринчи ўйинда таянч ярим ҳимоясида ҳаракат қилган Элдор Эргашев ўрнида эса Дилшод Жўраев бутун ўйин давомида ҳаракат қилди.
Олдиндан шуни таъкидлаш керакки, Непал футболининг айни мана шу U-22 терма жамоасидан умиди катта. Мамлакат футболи тарихидаги энг яхши ўйинчилардан бири сифатида эътироф этилаётган Бҳават Хавас эса терма сардори ҳисобланади. Айнан мана шу тиниб-тинчимас футболчининг саъи-ҳаракатлари эвазига Непал Бангладешни 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратди, мусобақани кутилмаганда йирик мағлубият билан бошлаган Яман билан ўйинда битта хато сабаб имкониятни бой берди. Непал терма жамоаси “совға” эмаслигини Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Алексей Евстафеев ҳам қайд этиб, жамоанинг тезкорлигига алоҳида урғу берганди.
Ўзбекистон терма жамоаси ўйинни ундан кутилганидек бошлади: 9-дақиқага келиб Евстафеев шогирдлари 2:0 ҳисобида олдинда боришаётган эди. Дастлаб, биринчи ўйин қаҳрамонларидан бири – Шоҳруҳ Гадоев худди Бангладеш билан ўйиндаги ўзини каби кўрсатди: “Насаф”нинг чапақай футболчиси жарима тўпини яна голга айлантирди. Аввалгисидан фарқи – дарвозагача бўлган масофа беш метрлар узоқроқ эди. Орадан икки дақиқа ўтар-ўтмас яна ўша Гадоевнинг фаоллиги эвазига ҳисобдаги фарқ иккитага оширилди: Гадоев бурчак тўпи ишлади ва ўзи амалга оширди, жарима майдончаси ичида ҳаммадан ҳам баландроқ сакраган Темурхўжа Абдухолиқов Непал дарвозабонига имкон қолдирмади.
Ўзбекистонлик футболчилар 20-дақиқагача ҳисобни Непал учун шармандали кўрсаткичга келтириб қўя олардилар ҳам, бироқ, “эски касаллик” – вазиятлардан фойдалана олмаслик бошланди. Тайм ярмига келиб эса Непал майдондаги кучлар мувозанатини тиклай олди: энди улар ҳам тўпга кўпроқ эгалик қила бошлашди, ҳужумлар ташкил қилишга ҳаракат қилишди. Бахтга қарши, кейинги тўққиз дақиқа ичида шундай ҳаракатлардан иккитаси гол билан якунланди. Аввалига чап қанотдан узатилган тўпга, ўзбекистонлик ҳимоячилар эътиборидан четда қолиб кетган ўнг қанот яримҳимоячиси Анил Ожҳа биринчи бўлиб етиб келиб ҳисобни қисқартирган бўлса, тайм якунланишига уч дақиқа қолганида Сужал Шреста томонидан киритилган голдан кейин “Дасрат” стадиони ларзага келди. Айнан шу голда терма жамоа сардори Бҳарат Хаваснинг ҳиссаси катта бўлганини қайд этиш жоиз.
Кетма-кет ўтказиб юборилган голлар, 4 мингга яқин ишқибоз стадионни қайнаб турган “қозон”га айлантиргани, қайсидир маънода ўзбекистонлик футболчиларга салбий таъсир қилди, йигитлар бироз довдирашди ва ташаббусни рақибга бериб қўйишди. Танаффусгача ҳисоб бошқа ўзгармади.
Ишқибозлар иккинчи бўлимда ҳам зерикиб қолишгани йўқ. Непаллик футболчиларнинг тинимсиз прессинг қилиши, рақибнинг кесиб берувчи пасларидан кейин Ўзбекистон ҳимоясидаги кескинлик деярли ўйин якунигача юмшагани йўқ. Кескинлар, айниқса, Шоҳруҳ Гадоев саралаш мусобақасидаги ўзининг учинчи голини урганидан сўнг (Гадоев Непал терма жамоаси ҳужумчиси Сужал Шреста ҳамда иорданияликлар вакили Маҳмуд Салим Затара билан биргаликда саралаш мусобақаси тўпурари бўлиб турибди) янада ошди. Ўзбекистон терма жамоаси бунгача ҳам, бундан кейин яна қатор имкониятларга эга бўлди, лекин улардан “ҳа” деганда фойдаланавермади. Ўз навбатида Кришна Тапа шогирдлари ҳам таслим бўлиш ниятида эмасдилар. Таъкидлаш жоиз, Непалнинг Бҳават Хавас бошчилигидаги ҳужум чизиғи Ўзбекистоннинг ҳимоя қўрғони учун ҳақиқий бошоғриғи бўлди. Бунга далил сифатида, Алексей Евстафеев марказий ҳимояда, кичик жароҳат олган Шерзод Файзиев ўрнига терма жамоанинг энг ёш вакили – Сардор Раҳмоновни туширишга мажбур бўлганини кўрсатиш мумкин.
Ўйиндаги жамики кескинлик 86-дақиқага келиб тамом тугади. Дилшод Жўраевнинг заргарона тўп узатишидан сўнг дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетган Темурхўжа Абдухолиқов Бишал Шрестани алдаб ўтиб, тўпни қайта ишлаб, ҳимоячи қўриқлашга киришган дарвозани қийинчиликсиз аниқ нишонга олди. Стадиондаги ишқибозларнинг шовқин-сурони сабаб, мураббийнинг футболчига бақириб бераётган кўрсатмаси ҳам эшитилмаётган эди, Абдухолиқов дублни расмийлаштиргач ўйингоҳ шу даражада тинчиди-ки, чигирткаларнинг сайраши ҳам эшитила бошланди...
Ўзбекистон терма жамоаси осон бошланган ва, кўринишидан, шундай осон давом этадигандек кўринган ўйинни қийинчилик билан ўз фойдасига ҳал қилди. Эрта хотиржамликка берилиш ва вазиятлардан фойдалана олмаслик терма жамоага панд бериши мумкин эди, бироқ Ўзбекистон терма жамоаси футболчиларига рақибнинг кўп минг кишилик мухлислари қаршисида характер ва маҳорат кўрсата олишди. Ўзбекистон терма жамоасининг аввалги икки рақиби кучсиз жамоалар эмаслигини эътироф этган ҳолда, навбатдаги икки – Яман ва Иордания терма жамоаларига қарши бўлажак ўйинлар Евстафеев жамоаси учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидламоқ жоиз. Жамоанинг ҳақиқий кучи айнан шу жамоаларга қарши ўйинларда кўринади. Жамоанинг ўзи ҳам айнан шу ўйинларда ўзини кўрсатишни мақсад қилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси навбатдаги учрашувни 22 июнь куни Яман U-22 терма жамоасига қарши ўтказади. Ўйин Тошкент вақти билан 14:15да бошланади. Ўзбекистон терма жамоаси бу ўйинда кўк либосда ҳаракат қилади.
U-22 Осиё чемпионати саралаш
“D” гуруҳи, 3-тур
20 июнь, чоршанба
ЎЗБЕКИСТОН – НЕПАЛ 4:2 (2:2)
Голлар: Шоҳруҳ Гадоев (7, 56), Темурхўжа Абдухолиқов (9, 86) – Анил Ожҳа (33), Сужал Шреста (42).
Огоҳлантиришлар: Дилшод Жўраев (13), Давронбек Ҳошимов (45) – Рабин Шреста (72).
ЎЗБЕКИСТОН: Элдорбек Суюнов, Даврон Ҳошимов, Фаррух Нурлибоев, Шерзод Файзиев (Сардор Раҳмонов, 67), Рустам Аъзамов, Сардорбек Соибов (Сардор Рашидов, 60), Сардор Мирзаев, Дилшод Жўраев, Павел Смоляченко (Элдор Эргашев, 81), Шоҳруҳ Гадоев, Темурхўжа Абдухолиқов.
НЕПАЛ: Бишал Шреста (Динеш Тапа, 89), Рабин Шреста, Дипак Бҳусал (Рави Тапа, 61), Бикаш Сингҳ, Роҳит Чанд, Анил Ожҳа, Жагжит Шреста, Сужал Шреста, Рупеш, Шива Шреста (Прабин Карки, 27), Бҳарат Хавас.
Бош ҳакам: Ма Нинг (Хитой).
Катманду. “Дасрат” стадиони. 3200 томошабин.