Ўзбекистон терма жамоаси 11 август куни Иорданияга жўнаб кетади.
Ўзбекистон терма жамоаси Иордания терма жамоасига қарши иккита ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Дастлабки ўйин 13 август куни бўлиб ўтса, иккинчи ўйин ФИФА куни – 15 августга режалаштирилган. Ҳар иккала ўйин ҳам Иордания пойтахти Амман шаҳрида бўлиб ўтади.
Дастлаб ҳар иккала томон 15 август куни ўртоқлик учрашуви ўтказишга келишиб олган эди. Бироқ, кейинчалик ЎФФ Иорданияга яна бир қўшимча ўйин ўтказиш таклифи билан чиқди. Охир-оқибат, Иордания футбол федерацияси Ўзбекистон тарафининг бу таклифига тасдиқ жавобини берди.
Ўзбекистон терма жамоаси Иордания терма жамоасига қарши бўлажак ўртоқлик учрашувларига тайёргарликни 10 август куни бошлайди. 11 август куни эса терма жамоа делегациясига Иорданияга жўнаб кетади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси 11 сентябрь куни ЖЧ-2014 саралаш 4-босқич 4-тур ўйинлари доирасида Тошкентда Жанубий Корея терма жамоасига қарши майдонга тушади. Корейслар икки учрашувдан сўнг олти очко тўплагани ҳолда “А” саралаш гуруҳида пешқадамлик қилаётган бўлса, Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобида икки ўйиндан сўнг бир очко бор.
Миржалол Қосимов шогирдлари ҳозирча гуруҳда тўртинчи ўринни банд этиб туришибди. Гуруҳда дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар тўғридан-тўғри Бразилияда бўлажак мундиал йўлланмасини қўлга киритса, учинчи ўрин эгалари плей-офф ўйинларида иштирок этади.