Тимур Кападзе Европа лигасидаги илк голини киритди. Аҳмедовда эса дебют ўйин
Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Одил Аҳмедов Европа лигаси мусобақасидаги дебют ўйинини ўтказган бўлса, Тимур Кападзе мазкур мусобақадаги илк голини киритишга муваффақ бўлди.
Нуфузи жиҳатдан УЕФАнинг иккинчи рақамли клублари мусобақасида дебют қилаётган Маҳачқалъанинг «Анжи» клуби иккинчи саралаш босқичининг илк ўйинида Венгриянинг «Гонвед» клубини қабул қилиб, минимал ҳисобда ғалаба қозонди. Ўйиндаги ягона гол 22-дақиқада Жусилей ҳисобига ёзилди.
Мазкур беллашувда «Анжи»нинг голландиялик бош мураббийи Гуус Хиддинк Одил Аҳмедовга тўлиқ ишонч билдирди ва ўзбекистонлик футболчи 90 дақиқа ҳаракат қилди. Қайд этиш керак, Венгрияда бўлиб ўтадиган жавоб ўйини 26 июлга тайин қилинган.
Ўзбекистон миллий терма жамоасига аъзо бир йўла уч нафар футболчи ҳаракат қиладиган Қозоғистоннинг «Актобе» клуби Марат Бикмаевнинг 2та ўйиндаги 1тадан голи эвазига Грузия клубини таслим қилганди. Кеча Тимур Кападзе Европа лигаси турниридаги дастлабки голини Молованинг «Милсами» клуби дарвозасига киритди. 8-дақиқада ўзбекистонлик футболчи меҳмонларни олдинга олиб чиққанига қарамай, ўйинда моловаликлар ғалаба қозонишди – 4:2. Беллашувда Тимур Кападзедан ташқари Марат Бикмаев ва Александр Гейнрих ҳам 90 дақиқа ҳаракат қилишди. Жавоб ўйини 26 июль куни Қозоғистонда бўлиб ўтади.