«Анжи» Евролигадаги ғалабали юришини давом эттирди. Одил Аҳмедов эса жароҳат олди
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий футболчиларидан бири Одил Аҳмедов Европа лигаси учинчи саралаш босқичининг «Витесс»га қарши ўйинини «Анжи» сафида асосий таркибда бошлаб, 19-дақиқада жароҳат олиб майдонни тарк этди.
19-дақиқада рақиб футболчиси билан тўқнашиб кетган ярим ҳимоячи, ўйиннинг қолган қисмини давом эттира олмади. Унинг жароҳати қандайлиги борасида аниқ маълумот йўқ. Қайд этиш керакки, яна 10 кундан сўнг – 13 август куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Иорданияга қарши дастлабки ўртоқлик ўйинида майдонга тушиши керак эди. Айни пайтда миллий терма жамоанинг яна бир футболчиси – Баҳодир Насимов ҳам жароҳат сабаб Бокунинг «Нефтчи» клубига Европа чемпионлар лигасида ёрдам бера олмаяпти.
Ўз навбатида Маҳачқалъанинг «Анжи» клуби халқаро майдондаги ғалабали юришини давом эттирди. Евролигадги иштирокини иккинчи босқичдан бошлаган Россия жамоаси Венгриянинг «Гонвед» клубини ҳар икки ўйин натижасига кўра мағлуб этиб, ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қолганди. Бош мураббий Гуус Хиддинкнинг ватани Голландиядан бўлган «Витесс»га қарши ўйинда ҳам бу чиройли анъана давом этиб, «Анжи» 2:0 ҳисобида муваффақият қозонди. Учрашувда ҳисоб очувчи голни мухлислар 1 соатдан кўпроқ кутишга мажбур бўлишди. 63-дақиқада Олег Шатов ўз номини таблога ёздирган бўлса, 11 дақиқа ўтиб Федор Смолов орадаги фарқни 2тага етказди. Голландиядаги жавоб ўйини 9 август куни бўлиб ўтади.
Қайд этиш керак, Гуус Хиддин шогирдлари мавсум бошидан бери 5та расмий ўйинда (2та маҳаллий, 3та халқаро) майдонга тушиб, уларнинг ҳеч бирида имкониятни бой беришмади ва Одил Аҳмедов 5та ўйиннинг барчасини асосий таркибда бошлаб, тўлиқ ҳаракат қилди (сўнгги ўйиндан ташқари).