Ўзбекистон миллий терма жамоаси Иорданияга қарши биринчи ўртоқлик учрашувида кичик ҳисобда ғалаба қозонди.
13 август куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Иордания сафари доирасида биринчи ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. Иордания пойтахти Аммандаги «Халқаро стадион»да ўтказилган биринчи ўйинда ўзбекистонлик футболчилар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Ўйиндаги ягона гол ярим ҳимоячи Темур Кападзе ҳисобига ёзилди.
Миржалол Қосимов қўл остида тўп сураётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси 10 августда Тошкентда йиғилиб, 11 август куни Иорданияга жўнаб кетган эди. ФИФА куни - 15 августда Ўзбекистон ҳамда Иордания терма жамоалари ўртасида иккинчи ўйин бўлиб ўтади. Учрашув Тошкент вақти билан 01:00да, «Қирол Абдулла» стадионида бошланади.
Бунгача Ўзбекистон ва Иордания терма жамоалари ўртасида бешта учрашув ўтказилган бўлиб, уларнинг иккитасида Ўзбекистон ғалаба қозонган, учтасида эса дуранг натижа қайд этилган. Тўплар нисбати – 11-7.