Ўзбекистон ва Эрон ёшлар терма жамоаларининг Самарқанд шаҳрида ташкил этилган иккинчи ўртоқлик ўйинида бу сафар мезбонлар 3:1 ҳисобида зафар қучишди. Эслатиш керакки, икки кун аввал Тошкентда бўлиб ўтган дастлабки ўйинда форслар худди шу ҳисобда устун келишганди.
Шу йилнинг 3-17 ноябрь кунлари БААда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон U19 терма жамоаси саралаш раундида ҳам Эрон билан тўқнаш келган ва Теҳронда бўлиб ўтган ўйинни 0:2 ҳисобида бой берганди. Самарқанддаги ўйинда эса Ахмаджон Мусаев шогирдлари ўтган икки ўйиндаги камчиликларни такрорламасликка ҳаракат қилишди.
Беллашувнинг 31-дақиқасида рақиб ҳимоячилари қуршовидан қочиб кетган Жамшид Искандеров ҳисобни очган бўлса, иккинчи бўлимнинг 14-дақиқасида Банҳай Барзай чамаси 18-20 метрлар узоқликдан Асилжон Омонов дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни тенглаштирди. Шундан кейин устунлик тўлиқ мезбонлар томонига ўтди. Бунинг самараси ўлароқ 73-дақиқада Ўзбекистон ёшлари иккинчи бор ҳисобда олдинга ўтиб олишди. Жарима зарбасидан кейин меҳмон ҳимоячилар қўпол хатога йўл қўйишди ва буни Абдул-Азиз Юсупов гол билан жазолади. Қайд этиш керак, мазкур ҳужумчи Тошкентдаги биринчи ўйинда пенальтидан аниқ фойдалана олмаганди. Ўйин якунига икки дақиқа вақт қолганида Мексика қаҳрамонларидан бири – Аббосбек Маҳсаталиев Эрон дарвозасига учинчи голни йўллаб, учрашувга мантиқий якун ясади – 3:1.
Шу билан Аҳмаджон Мусаев шогирдлари 2-8 сентябрь кунлари Вьетнамда бўлиб ўтадиган халқаро турнирда иштирок этишади. Мазкур мусобақада Ўзбекистон ва Вьетнам ёшларидан ташқари Эрон ҳамда Австралия терма жамоаларининг ҳам иштирок этиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон U19 — Эрон U19 3:1 (1:0)
Голлар: Жамшид Искандеров (31), Абдул-Азиз Юсупов (73), Аббосбек Махсталиев (89) —Банҳай Барзай (59).
Ўзбекистон: Аслижон Омонов, Бобур Йўлдошев, Владимир Козак, Аббосбек Махсталиев (Жасурбек Толипов 90+1), Игорь Сергеев (Абдуллоҳ Олимов 80), Жамшид Искандеров (Абдулазиз Юсупов 60), Муҳсинжон Убайдуллаев, Ихтиёр Тошпўлатов (Азизбек Муротов 46), Тоҳиржон Шамситдинов (Ихтиёр Шайқулов 88), Сардор Раҳмонов (Жасурбек Ҳакимов 90), Сергей Рекун (Жавлон Мирабдуллаев 42).
Эрон: Али Муҳсинзода, Воҳид Хайдария, Юсуф Вакия, Довуд Баҳодири (Эҳсон Киани 68), Волид Машайзода (Амин Жаҳонкоҳан 52), Беҳном Барзай (Аҳмад Искандари 64), Алиризо Жаҳонбахш, Русба Чашми, Сардор Азмун, Ҳуссайн Фазели (Эҳсон Паҳлавон, 71), 20.Фаршид Исмоили (Аҳмад Абдуллазода 75).
Огоҳлантиришлар: Жамшид Искандеров (20), Сергей Рекун (27), Владимир Козак (90), Жасурбек Ҳакимов (90+1) — Волид Машайзода (47), Фаршид Исмоили (71), Алиризо Жаҳонбахш (87).